Iqtisod va Savdo

Корея Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Расмий Сеулнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси тўлалигича корейс сармояси эвазига ташкил қилинган. Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Энергетика соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. 2016 йил Жанубий Корея билан ҳамкорликда Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган ушбу йирик лойиҳага 4 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилган.

Маълумки, Корея Республикаси халқаро миқёсда ривожланган ва жозибадор эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ушбу мамлакат Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга кўмаклашаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида Жанубий Корея, Хитой, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишларни амалга оширмоқда, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда.

2017 йилнинг май ойида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қурилди. Ушбу маҳсулотлар Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётир.

Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарларни бошқариш, транспорт тизими ҳамда уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизим ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.

2017 йилнинг 24 октябрь куни Жанубий Кореянинг ер ресурслари, инфратузилмалар ҳамда транспорт вазири Ким Хён Ми бошчилигидаги “Korea Eximbank”, “Korea Expressway”, “Hyundai Engineering Co. Ltd”, “POSCO Engineering and Construction”, “HSnK Architects Group” сингари йирик компаниялар вакилларидан иборат делегация “Tashkent City” халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишиш мақсадида мамлакатимизда бўлди. Замонавий технологиялар ва “ақлли шаҳарлар” қурилишига устувор аҳамият бериш мақсадида юртимизда бўлган инвесторлар бизнес учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, валюта сиёсати либераллаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.

Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда Корея экспорт-импорт банки мамлакатимизда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар юртимизда қўшма корхоналар ташкил қилмоқда. Хусусан, “Samsung” “Artel” компанияси билан маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.