Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин Жанубий Корея 1991 йил 30 декабрда Осиё — Тинч океан минтақаси давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. 1992 йилнинг 29 январь куни эса икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Шу кундан буён Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳар бир соҳада ижобий руҳда, муваффақиятли тарзда ривожланиб бораяпти.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларини қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Икки халқнинг маданияти, менталитети ўхшаш. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган. Корейс миллатига мансуб юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида, маҳаллий Кенгашларда, бошқарув органларида, иқтисодий-ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида фаолият юритаётир.

Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Ушбу миллат вакиллари МДҲда энг йирик диаспора бўлиб (180 мингдан зиёд), нуфуси жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда туради. 2017 йилда корейс миллатига мансуб Ўзбекистонда яшаётганининг 80 йиллиги кенг нишонланди.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси алоқалари 2006 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация, 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация ва бошқа муҳим ҳужжатлар асосида изчил ривожланмоқда. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси стратегик шериклардир. Жанубий Корея юксак даражада тараққий этган, улкан иқтисодий, илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида дунёда эътибор қозонган.

Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери 14 марта давлат раҳбарлари даражасидаги учрашувлар бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда ушбу мулоқотлар янада фаоллашиб, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларида ва гуманитар соҳада ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси сиёсий муносабатлари халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳида давом этмоқда. Томонларнинг глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир.

Бугунги кунда ҳукуматлар, вазирлик, идора, молия, банк институтлари ва бизнес тузилмалари ўртасида мустаҳкам муносабатлар тобора кенгайиб бормоқда. Парламентлараро алоқалар ривожланиб, Ташқи ишлар вазирликлари маслаҳатлашувлари доимий равишда ўтказилмоқда.

Корея Республикаси Осиё – Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикларидан биридир. 2016 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ҳамкорлиги кенг кўлам касб этган. Расмий Сеулнинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этган инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида 461 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 386 таси қўшма корхона бўлса, 75 таси тўлалигича корейс сармояси эвазига ташкил қилинган. Мазкур корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Энергетика соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. 2016 йил Жанубий Корея билан ҳамкорликда Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган ушбу йирик лойиҳага 4 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилган.

Маълумки, Корея Республикаси халқаро миқёсда ривожланган ва жозибадор эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ушбу мамлакат Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга кўмаклашаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида Жанубий Корея, Хитой, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишларни амалга оширмоқда, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда.

2017 йилнинг май ойида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қурилди. Ушбу маҳсулотлар Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётир.

Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарларни бошқариш, транспорт тизими ҳамда уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизим ташкил этиш соҳасида Жанубий Кореянинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.

2017 йилнинг 24 октябрь куни Жанубий Кореянинг ер ресурслари, инфратузилмалар ҳамда транспорт вазири Ким Хён Ми бошчилигидаги “Korea Eximbank”, “Korea Expressway”, “Hyundai Engineering Co. Ltd”, “POSCO Engineering and Construction”, “HSnK Architects Group” сингари йирик компаниялар вакилларидан иборат делегация “Tashkent City” халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишиш мақсадида мамлакатимизда бўлди. Замонавий технологиялар ва “ақлли шаҳарлар” қурилишига устувор аҳамият бериш мақсадида юртимизда бўлган инвесторлар бизнес учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, валюта сиёсати либераллаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.

Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда Корея экспорт-импорт банки мамлакатимизда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар юртимизда қўшма корхоналар ташкил қилмоқда. Хусусан, “Samsung” “Artel” компанияси билан маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Маданий-гуманитар алоқалар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Юртимизда Корея Республикаси маданияти кунлари бўлиб ўтди. Корейс маданияти ва санъати уйи қурилмоқда. Ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги корейс диаспорасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.

Таълим соҳасидаги алоқалар ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари Жанубий Кореянинг 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Қатор таълим муассасаларида корейс тили ҳамда маданияти марказлари очилган. 2014 йил Тошкент шаҳрида Инҳа университети очилгани бу борадаги алоқаларни янги поғонага кўтарди. Ушбу олий таълим муассасаси халқаро стандартлар даражасида юқори малакали IT-мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган илк хорижий таълим даргоҳидир. Бугунги кунда университетда мингдан зиёд талаба ахборот технологиялари, инжиниринг ва логистика йўналишларида таҳсил олмоқда.